«Ipakchi Fayz Tong» savdo kompleksi aksiyadorlik  jamiyati акциядорларининг

Кузатув кенгаши тўғрисидаги

НИЗОМИ

 

  1. Умумий қоидалар.
  2. Акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши ваколатлари.
  3. Акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш.
  4. Акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши раисини сайлаш.
  5. Акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши мажлисларини ўтказиш тартиби.
  6. Акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши аъзоларининг хуқуқ ва мажбуриятлари.
  7. Кузатув кенгаши аъзоларининг жавобгарлиги.
  8. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
    • Мазкур Низом «Ipakchi Fayz Tong» savdo kompleksi aksiyadorlik jamiyati  (матн давомида – Жамият деб номланади) Кузатув кенгаши мақомини белгилайди ва ва унинг ишини, кенгашга аъзоларни сайлаш тартибини, шунингдек ҳар бир аъзонинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
    • Мазкур Низом «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда жамият уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.
  1. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ ВАКОЛАТЛАРИ
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, қонунчиликда ва жамият устави билан акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
  • Жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:
  • жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамият ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
  • акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
  • акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;
  • акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;
  • акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;
  • Жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш масалаларини акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;
  • мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;
  • Жамиятнинг Бошқарув аъзоларини сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, Бунда бошкарув раисини сайлаш (тайинлаш) танлов асосида амалга оширилиши ва ушбу танловда чет эл менеджерлари хам иштирок этиши мумкин;
  • корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолияти тартибини белгиловчи низомни тасдиқлаш;
  • Жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш ёки тасдиклаш. Бунда жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режаси Жамият Кузатув кенгаши мажлисида жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим;
  • ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;
  • Жамият ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва Жамият Кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижроия органидан олиш. Жамият Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;
  • аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;
  • Жамиятнинг тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;
  • Жамиятнинг ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш), раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
  • дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;
  • Жамиятнинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;
  • Жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;
  • Жамиятнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;
  • қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги қарор ва эмиссия рисоласини тасдиқлаш;
  • аввал рўйхатдан ўтказилган эмиссия рисоласи ва акциялар чиқарилиши тўғрисидаги қарорга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда Жамият томонидан йирик битимлар ва Жамият аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • Жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;
  • Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш масалаларини, шунингдек Жамият уставига Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш;
  • Жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш.
  • Жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига қонунчиликда ва жамият уставига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин
  • Жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.
  1. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИНИ САЙЛАШ
  • Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланади. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг сони 7 (етти) кишидан иборат.
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.
  • Жамият Бошқаруви аъзолари жамиятнинг Кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас. Айни шу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас.
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар жамият уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган қарорда белгилаб қўйилиши мумкин.
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.
  • Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони жамиятнинг Кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақли.
  • Энг кўп овоз тўплаган номзодлар жамият Кузатув кенгашининг таркибига сайланган деб ҳисобланади.
  1. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ РАИСИНИ САЙЛАШ
  • Жамият Кузатув кенгашининг раиси Кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан, ушбу кенгаш таркибидан Кузатув кенгаши аъзолари томонидан сайланади.
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши ўз раисини Кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қайта сайлашга ҳақли.
  • Жамият Кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, Кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисларда баённома юритилишини ташкил этади акциядорларнинг умумий йиғилишида раислик қилади.
  • Жамият Кузатув кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади.
  1. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ МАЖЛИСЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
  • Жамият Кузатув кенгашининг мажлиси Кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, жамият Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, ижроия органи аъзосининг, шунингдек жамият уставида белгиланган бошқа шахсларнинг талабига кўра чақирилади. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби жамиятнинг уставида белгилаб қўйилади.
  • Жамият Кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум жамият Кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.
  • Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг сони жамият уставида назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлган тақдирда, жамият Кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг бундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга, шунингдек жамият ижроия органи раҳбарининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, унинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлашга ҳақлидир.
  • Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади. Жамиятнинг устав устав капиталини акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар жамият Кузатув кенгашининг аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият соф активлари миқдорининг ўн беш фоизидан эллик фоизигачасини ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор жамият Кузатув кенгашининг аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади, бунда Кузатув кенгашидан чиқиб кетган аъзоларнинг овози инобатга олинмайди.
  • Жамиятнинг Кузатув кенгаши аффилланган шахс билан тузиладиган битим тўғрисидаги ахборотни ўрганади ва аффилланган шахснинг ёзма билдириши жамиятга келиб тушган санадан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай битим бўйича қарор қабул қилади.
  • Агар жамият Кузатув кенгашининг икки ва ундан ортиқ аъзоси аффилланган шахс бўлса, битим бўйича қарор қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
  • Жамиятнинг аффилланган шахси жамиятнинг Кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши мазкур битим юзасидан қарор қабул қилаётганда муҳокамада иштирок этишга ҳақли эмас ва овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
  • Аффилланган шахс билан тузилаётган битимни маъқуллаш ҳақидаги қарор мажлисда иштирок этаётган жамият Кузатув кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади.
  • Жамият Кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.
  • Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган тақдирда Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилишда жамият Кузатув кенгаши раисининг ҳал қилувчи овоз бўлади.
  • Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
  • мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;
  • мажлисда ҳозир бўлган шахслар;
  • мажлиснинг кун тартиби;
  • овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;
  • қабул қилинган қарорлар.
  • Жамият Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган жамият Кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлис баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгар бўлади.
  • Жамият Кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) жамият Кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.
  • Жамият Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси имзоланган куни жамиятнинг ижроия органига ижро этиш учун топширилади. Кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур қарор ҳақидаги ахборот жамиятнинг ижроия органига Кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.
  1. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИНИНГ ХУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
  • Жамият Кузатув кенгаши аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • Кузатув кенгаши йиғилишида шахсан қатнашиш, йигилишда муҳокама қилинаётган масала юзасидан регламент билан ажратилган вақт доирасида сўзга чиқиш;
  • ишларнинг шу кундаги аҳволи тўғрисида, акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш-хўжалик ва тижорат фаолиятининг бирор-бир давр ичидаги асосий натижалари ҳақида, уни ривожлантириш режалари тўғрисида барча тўлиқ ва ишончли ишлаб чиқариш ҳамда молия ахборотини олиш;
  • жамият Кузатув кенгашининг аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун (агар акциядорларнинг умумий йиғилиши қарор қабул қилган бўлса) ҳақ тўланиши ва (ёки) Кузатув кенгашининг аъзоси вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қоплаш.
  • Кузатув кенгаши аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш Кузатув кенгаши раиси томонидан Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси учун аниқ амалга оширилади.
  • Кузатув кенгаши аъзоларининг мажбуриятлари:
  • агар Кузатув кенгаши аъзоси ўзи ёки ўзининг аффилланган шахслари билан бирга жамият билан битим тузишда аффилланган эканлиги тўғрисида тузилиши кутилаётган битим ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан битимда иштирок этаётган шахслар, битим предмети тўғрисидаги маълумотларни, тегишли шартноманинг муҳим шартларини батафсил кўрсатган ҳолда ёзма билдириш юбориш орқали жамиятни хабардор этиши шарт;
  • Кузатув кенгаши аъзолари акциядорлик жамияти имкониятлари (мулкий ва намунавий ҳуқуқлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги имкониятлар, акциядорлик жамиятининг фаолияти ва режалар тўгрисидаги ахборот)дан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслар;
  • Кузатув кенгаши аъзолари ўзларининг лавозими мажбуриятларини ҳалол, шунингдек, акциядорлик жамияти манфаатлари йўлида улар энг яхши деб ҳисоблайдиган усул билан амалга оширишга мажбурдирлар.
  1. КУЗАТУВ КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
    • Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамиятнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши лозим.
    • Агар ушбу қоидаларига мувофиқ бир нечта шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар жавобгарлик бўлади.
    • Жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган қарорга овоз беришда иштирок этмаган ёки ушбу қарорга қарши овоз берган жамият Кузатув кенгаши аъзолари жавобгар бўлмайди.
    • Жамият ёки у жойлаштирган акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) жамиятга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзоси устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.
    • Жамият Кузатув кенгаши аъзолари Жамият ва унинг акциядорлари олдидаги ўз мажбуриятларини зарур даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.