«Ipakchi Fayz Tong» savdo kompleksi aksiyadorlik jamiyati акциядорларининг
Ижроия органи тўғрисидаги
НИЗОМИ
- Умумий қоидалар.
- Жамият ижроия органини тузиш тартиби.
- Жамият ижроия органининг ваколати ва таркиби.
- Жамият ижроия органининг хуқуқ ва мажбуриятлари.
- Жамият ижроия органининг иш тартиби.
- Жамият ижроия органининг жавобгарлиги.
- УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
- Мазкур Низом «Ipakchi Fayz Tong» savdo kompleksi aksiyadorlik jamiyati акциядорлик жамияти (матн давомида – Жамият деб номланади) ижроия органининг мақомини белгилайди ва унинг ишини, тузиш тартибини, аъзоларни сайлаш тартибини, шунингдек ҳар бир аъзонинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди. Жамият ижроия органи коллегиал ижроия органи – Жамият Бошқаруви ҳисобланади. Жамият Бошқарув аъзолари билан тузиладиган шартноманинг шартлари жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
- Мазкур Низом «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги» Қонун, жамият устави ва бошқа меъёрий конунчиликларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
- ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ
- Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати коллегиал ижроия органи – Жамият Бошқаруви томонидан амалга оширилади. Бошқарув фаолиятига Жамият Бошқарув раиси раҳбарлик қилади.
- Жамият ижроия органининг раҳбари (Бошқарув раиси) акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан сайланади (тайинланади).
- Жамият Бошқарув аъзолари Кузатув кенгаши қарори билан бир йиллик муддатга сайланади (тайинлади).
- Жамият Бошқарув аъзолари номзодларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича қарор Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
- Жамият Бошқарув аъзолари номзодларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш шахсий таркибда кўриб чиқилади. Бошқарув аъзоси номзоди Жамиятга уни жиноий жавобгарликка жалб этилганлиги тўғрисидаги фактлар ҳақида хабар бериши мажбур.
- Жамиятнинг Бошқаруви аъзолари ўз номзодларини кўриб чиқилаётган акциядораларнинг умумий йиғилиши ёки Кузатув кенгаши мажлисларида иштирок этишлари мумкин.
- Кузатув кенгаши томонидан Бошқарув таркибига номзодлар сайлангач, Бошқарувнинг ҳар бир аъзоси билан мансаб мажбуриятларини бажариш бўйича меҳнат шартномаси тузилади. Бошқарувнинг ҳар бир аъзоси билан меҳнат шартномаси бир йил муддатга тузилади, ҳамда уларнинг ҳар бири Жамият билан бир йил муддатга тузадиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилинади.
- Бошқарув раиси билан меҳнат шартномаси бир йил муддатга тузилади ва шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилинади. Шартнома Жамият номидан жамият Кузатув кенгашининг раиси ёки Кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
- Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан сайланган (тайинланган) Жамият Бошқарув раисининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, Жамият Кузатув кенгашининг қарори билан белгиланган шахс унинг вазифаларини акциядорларнинг навбатдаги умумий йиғилишигача бўлган даврда вақтинча бажариб туришига йўл қўйилади.
- Жамият устави, шунингдек меҳнат шартномаси шартларининг бузилганлиги учун Бошқарув аъзоси эгаллаб турган мансабдан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши билан озод этилиши мумкин. Жамият Бошқаруви аъзоси билан шартноманинг бекор қилиниши ҳақидаги қарор Кузатув кенгаши томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Жамият Кузатув кенгаши Жамият Бошқарув аъзолари билан тузилган меҳнат шартномасини, агар улар Жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки уларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли Жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга.
- ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ ВАКОЛАТИ ВА ТАРКИБИ
- Жамият Бошқаруви унинг кундалик фаолиятини бошқаради ва оператив раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Жамият устави, акциядорлар умумий йиғилиши ва Жамият Кузатув кенгашининг қарорларига мувофиқ амалга оширади.
- Жамият ижроия органининг ваколатига Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно.
- Бошқарув аъзоларининг сон таркиби бир ишчи томонидан кўпи билан амалга оширилиши мумкин бўлган Бошқарув вазифалари ҳажми, Бошқарув аппаратининг қисқартирилиши, ишлаб чиқариш бошқарувидаги такрорланувчи бўғинларни тугатиш ва шу муносабат билан Бошқарув харажатларининг қисқартирилиш тамойилларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади ва Бошқарув Раисини ҳисобга олганда 5 кишидан ташкил этади.
- Жамият Бошқарувининг ваколатларига қўйидагилар киради:
- Кузатув кенгаши томонидан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ Жамиятнинг ишига самарали ва барқарор ишлашини таъминлаган ҳолда унинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этиш;
- Жамиятнинг таркибий бўлинмалар тўғрисидаги Низомлар, ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;
- Жамиятнинг ички меъёрий ҳужжатларини тасдиқлаш, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки Жамият Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно;
- Жамият номидан битимлар тузиш, Жамиятнинг шўъба хўжалик жамияти ва филиаллари ёки ваколатхонаси рахбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;
- филиал ва шўъба хўжалик жамияти фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш ва уларнинг бизнес-режаларини ва бажариш тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш;
- Жамият филиаллари ва шўъба хўжалик жамиятларининг штат жадвалларини тасдиқлаш;
- Жамиятнинг Бошқаруви, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Жамият Бошқарув раисининг ваколатларига қўйидагилар киради:
- ўзининг ваколатлари доирасида Жамиятнинг ишига раҳбарлик қилиш;
- Жамият номидан амалдаги қонунчиликка асосан ишончномаларни беради;
- ўз ваколатлари доирасида Жамиятнинг мол –мулки ва пул маблағларини тасарруф этиш;
- ўз ваколати доирасида мол-мулкни сотиб олиш ва мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимлар (умумий қиймати қарор қабул қилинган санада Жамият соф активларининг 15 фоизигача ташкил этадиган битимлар ёки ўзаро боғлик бир қанча битимлар) тузиш;
- Жамият Кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслаҳат овози билан иштирок этиш;
- Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхатини белгилаш;
- Жамият шўъба хўжалик жамиятлари, ваколатхоналари ва филиаллари учун мажбурий бўлган қарор, буйруқ ва фармойишлар чиқариш;
- Жамият номидан ишончномасиз иш юритади, давлат муассасалари, барча мулк шаклларидаги корхона ва ташкилотларда унинг манфаатларини ҳимоя қилади;
- банкларда ҳисоб рақамлар шу жумладан валюта ҳисоб рақамларини очади ва Жамиятнинг банк ва бошқа молия ҳужжатларида биринчи имзо ваколатига эга бўлади;
- ўзининг ваколатлари доирасида, Жамият мижозлари, корхона ва ташкилотлар билан шартномалар ва контрактларни имзолайди ва битимлар тузади;
- Жамият Бошқаруви раиси, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Бошқарув аъзолари, улар билан тузилган меҳнат шартномаси, акциядорлар умумий йиғилиши, жамият Кузатув кенгаши ва Бошқарув раисининг қарорлари билан белгиланган ваколатлар доирасида фаолият юритадилар. Жамият Бошқарувига тўланадиган ҳақ миқдори Жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади ва шартномада белгиланади. Тузиладиган шартноманинг шартлари Жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
- ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ ХУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
- Жамият Бошқарувининг мажбуриятлари:
- Жамиятни ривожлантириш дастурлари ва бизнес-режалари ишлаб чиқиш, уларни ташкил этиш ва бажарилишини назорат қилиш;
- Жамиятнинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланган бизнес-режада кўрсатилган миқдорларда фойда олишни таъминлаш;
- Жамиятнинг таркибий бўлинмаларининг ўзаро самарали ҳаракатини таъминлаш;
- Жамият ходимларининг ижтимоий кафолатларига риоя қилинишини ва улар меҳнатини муҳофаза қилишни таъминлаш;
- ўз ваколатига тегишли ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни акциядорларнинг умумий йигилишига ва Жамият Кузатув кенгашига белгиланган муддатда тақдим этиш;
- дивидендлар ҳисобланиши ва тўланиши бўйича акциядорларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилиш;
- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, ҳамда Жамият ички ҳужжатларига риоя қилиш;
- Жамиятнинг Бошқаруви, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Жамият Бошқарувининг ҳуқуқлари:
- Қонунчиликка ва меҳнат шартномасига асосан ўзига тегишли ваколатларга мувофиқ, мустақил равишда Жамиятнинг жорий фаолиятида раҳбарлик қилишда туғилган барча саволларни ҳал этиш;
- Бошқарув йиғилишининг кун тартибида кўтарилган барча масалалар бўйича қарор қабул қилиш ва овоз бериш;
- қабул қилинаётган қарорлар буйича ўзига хос фикрини ифодалаш;
- Жамиятнинг Бошқаруви, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Жамият Бошқарув раисининг мажбуриятлари:
- қонунчиликка мувофиқ Жамиятда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг ташкил этилиши, зарур ҳолати ва ишончлилигини, йиллик ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳисоботлар тегишли органларга ўз вақтида тақдим этилишини, шунингдек акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган Жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш;
- Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатлар Жамиятнинг Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ёки Жамият аудитори талабига кўра тақдим этиш;
- Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни сақлаш;
- хизмат ёки тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг Жамият ходимлари томонидан сақланишини таъминлаш;
- Жамиятни малакали кадрлар билан таъминлаш, Жамият ходимларининг билими, малакаси, тажрибаси ва қобилиятларидан энг яхши фойдаланиш чораларини кўриш;
- давлат статистика ҳисоботи ва бухгалтерия хисоботини тегишли органларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;
- Жамият Бошқаруви раиси, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Жамият Бошқарув раисининг ҳуқуқлари:
- Жамият ходимларини ишга қабул қилиш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;
- Жамият номидан ишончномасиз иш юритиш, ҳамда унинг манфаатларини бошқа ташкилотлар ва органлар олдида ҳимоя қилиш;
- Жамият ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлаш;
- Жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
- Жамият Бошқаруви раиси, қонунчилик ва Жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа хуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- 5. ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ ИШ ТАРТИБИ
- Жамият Бошқаруви Жамият бизнес-режаси бажариши қандай бораётганлиги юзасидаги мажлислар зарур ҳолларда ўтказилади. Жамият Бошқаруви акциядорлар умумий йиғилиши ёки Кузатув кенгашининг мажлисларига таклиф этадиган масалалар олдин мажбурий тартибда Бошқарув мажлисида муҳокама қилиниши лозим. Акциядорлар умумий йиғилишида ёки Кузатув кенгаши мажлисида Бошқарувнинг фикрини Бошқарув раиси ёки Бошқарув раиси томонидан тайинланган вакил томонидан тақдим этилади ва ҳимоя қилинади.
- Бошқарув мажлисини Раис ёки кўриб чиқилаётган масалаларни инобатга олган ҳолда унинг ўринбосарларидан бири олиб боради.
- Бошқарув котиби Жамият Бошқаруви мажлисларида баённома юритилишини ташкил этади. Бошқарув мажлислари баённомаларидан кўчирма қуйидагиларга тақдим этилади:
- мажбурий тартибда Кузатув кенгаши раисига ва тафтиш комиссиясиясига;
- Бошқарув Раиси розилиги билан бошқа мансабдор шахсларга ва аудитор сўровига кўра;
- мазкур қонунчиликка мувофиқ, бошқа шахс ва органларга (шу жумладан давлат органлари).
- 6. ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
- Тузилаётган битимда Бошқарув аъзоларидан бири шу битимда молиявий манфаатдор бўлган ҳолда, манфаатдор эканлиги ҳақида Бошқарув Раисига қарор чиқаришдан олдин хабар беришга мажбур ва мазкур битим юзасидан қарор қабул қилаётганда муҳокамада иштирок этишга ҳақли эмас ва овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
- Бошқарув аъзолари жисмоний ва юридик шахслар билан меҳнат муносабатлари юритиш билан бирга уларнинг манфаатлари ва мақсадини кўзлаб, ўз мансабидан фойдаланиши мумкин эмас.
- Бошқарув аъзолари Жамият мол –мулкини тасарруф этиш орқали шахсий фойда олишни кўзда тутишга йўл қўймаслиглари лозим.
- Бошқарув аъзолари иш жараёнида Жамият маҳсулот сотувини ёки хизмат кўрсатишини мушкуллаштирувчи корхоналарни таъсис қилиш ёки таъсис этилиши чоғида қатнашиши тақиқланади. Бошқарув аъзоси Жамиятда лавозимга тайинланган вақтдан бошлаб бундай корхоналарда ўз иштирокини тўхтатишга мажбур ва Кузатув кенгашига хабар бериши лозим.
- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва Жамият уставига мувофиқ Бошқарув аъзолари ўз вазифаларининг бажарилмаганлиги ёки номувофиқ тарзда бажарилганлиги натижасида юзага келган зарар учун, зарарнинг тўлиқ равишда қопланишига акциядорлик жамияти олдида жавобгардирлар.
- Жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган қарорга овоз беришда иштирок этмаган ёки ушбу қарорга қарши овоз берган Жамият Бошқарув аъзолари жавобгар бўлмайди, шу жумладан, акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг қарорига асосланган мажбуриятларни бажарилиши натижасида Жамиятга зарар етказилишига олиб келган ва ушбу қарорга қарши овоз берган жамият Бошқарув аъзолари жавобгар бўлмайди.
- Жамият ёки у жойлаштирган акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) Жамиятга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан Жамиятнинг Бошқарув аъзолари ёки аниқ бир Бошқарув аъзоси устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.